Ўзбекистонда саёҳатчилар учун транспорт имтиёзлари кенгайтирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда имтиёзли 11 тоифага кирувчи фуқаролар авиация, темир йўл ва шаҳарлараро йўловчи транспорти хизматларидан бепул ёки 50 фоизлик чегирма билан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Янги чора-тадбирлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ички туризмни ривожлантиришга қаратилган.
Янги тартибга мувофиқ, транспорт имтиёзларини тақдим этиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилади.
Қоғоз талонлар бекор қилинади, имтиёзли йўлкирадан фойдаланиш ҳуқуқи эса ID-карта ёки биометрик паспорт орқали «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида автоматик тарзда тасдиқланади.
Кутилишича, мазкур янгилик мамлакатнинг тарихий-маданий ёдгорликлари, зиёратгоҳлари, шунингдек, экологик ва рекреацион ҳудудларига сафарларни янада оммалаштиради.
Хусусан, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож фуқаролар учун Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Фарғона водийси, шунингдек, тоғли ва курорт ҳудудларига сафар қилиш имкониятлари янада кенгаяди.
2027 йилдан бошлаб Baraka ижтимоий картасининг мобил иловаси орқали имтиёзли чипталарни онлайн харид қилиш имкониятини жорий этиш режалаштирилган.
Кутилмоқдаки, ушбу ечим транспорт хизматларидан фойдаланишни соддалаштириб, ижтимоий соҳани рақамлаштириш жараёнининг бир қисмига айланади.
Манба маълумотларига кўра, транспорт хизматлари тизимига рақамли механизмларни жорий этиш мамлакатнинг туристик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ҳамда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастурини амалга оширишга хизмат қилади.