Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Қўқон ҳалвоси географик кўрсаткич мақомини олди

UzDaily таҳририяти · 08.07.2026 · 23:00 · 18 views
Қўқон ҳалвоси географик кўрсаткич мақомини олди

Қўқон ҳалвоси географик кўрсаткич мақомини олди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Адлия вазирлиги Қўқон ҳалвосини географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказиб, уни махсус давлат реестрига киритди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Идорада таъкидланишича, Қўқон қадимдан ҳунармандчилик ва миллий қандолатчилик санъатининг марказларидан бири ҳисобланади. Айнан шу ерда Қўқон ҳалвосини тайёрлаш анъанаси шаклланган бўлиб, у тайёрлаш технологиясининг ўзига хослиги, таъм хусусиятлари ва бошқа жиҳатлари билан кенг эътироф этилган.

Қайд этилишича, географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши маҳсулот номи ва уни ишлаб чиқаришнинг анъанавий технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни таъминлайди. Шунингдек, бу унинг ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолиш ва сифат кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Интеллектуал мулк агентлиги маълумотига кўра, мазкур рўйхатдан ўтказиш Фарғона вилоятининг гастрономик меросини асраш, ҳудуднинг миллий брендини ривожлантириш ва уни халқаро миқёсда тарғиб этишга ҳам қаратилган.

Географик кўрсаткич интеллектуал мулк объекти бўлиб, маҳсулотнинг алоҳида хусусиятлари муайян ҳудуд, унинг табиий шароитлари, тарихий анъаналари ва инсон омили билан боғлиқ эканини тасдиқлайди.