Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Япониянинг Айчи префектураси ва Нагоя шаҳрида бўлиб ўтган XX ёзги Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон делегацияси тантанали кутиб олинди.
Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда спортчиларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат вакиллари, Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси раҳбарияти, Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари, шунингдек, спорт жамоатчилиги ва мухлислар кутиб олди.
Тантанали маросимда Бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон делегациясини XX Осиё ўйинларида эришилган тарихий натижа билан табриклади.
Спортчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг табриги етказилди. Унда атлетларнинг нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этгани, юксак маҳорати ва Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилгани алоҳида қайд этилди.
Спортчилар номидан Осиё ўйинлари чемпионлари Барнохон Сайфуллаева ва Тўрабек Ҳабибуллаев сўзга чиқди. Улар спорт соҳаси, спортчилар ва мураббийларни қўллаб-қувватлашга давлат томонидан юксак эътибор қаратилаётгани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, халқаро майдонда Ўзбекистон байроғини янада баланд кўтариш учун бундан кейин ҳам барча куч ва имкониятларини сафарбар этишларини таъкидлади. Тадбирда мусобақаларда юқори натижаларга эришган спортчиларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқди.
Иштирок якунлари: 70 медаль ва умумий ҳисобда бешинчи ўрин
Ўзбекистон делегацияси XX ёзги Осиё ўйинларида 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медални қўлга киритди. Жами 70 та медаль жамғарган Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни ва Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади.
Мусобақаларда Осиёнинг 45 давлатидан 10 608 нафар спортчи иштирок этди. Ўзбекистон вакиллари спортнинг қатор турларида юқори натижаларни қайд этди.
Рекордлар ва тарихий ғалабалар
Оғир атлетикачи Акбар Жўраев даст кўтаришда 197 килограмм натижа қайд этиб, жаҳон рекортини ўрнатди, шунингдек, Осиё рекордини янгилади.
Отиш спортида Владимир Свечников 10 метр масофадан пневматик тўппонча билан отиш бўйича 244,3 очко натижа қайд этиб, Осиё ўйинлари рекордини ўрнатди.
Енгил атлетиканинг баландликка сакраш йўналишида Барнохон Сайфуллаева 1,90 метр натижа билан олтин медални қўлга киритди.
Дзюдода Музаффарбек Турабоев юксак маҳорат намойиш этиб, олтин медални қўлга киритди. У чорак финалда Париж-2024 Олимпиадаси совриндори Ким Мин Чжонни, финалда эса мезбон мамлакат вакили, япониялик Ота Хёгуни мағлуб этди.
Делегациянинг муваффақиятли иштирокида Абдулваҳҳоб Рашидов, Ўткир Жўраев, Шоҳсанам Шерзодова, Шарифа Давронова, Шаҳзод Нурматов, Собир Сафарәлиев, Суҳроб Хўжаев, Шаҳриёр Маҳкамов, Ибодатхон Ағожонова, Шоҳруҳжон Бахтиёров, Аҳрор Зиёдуллаев, Покизахон Камолиддинова, Сита Қадамбоева, Айтжан Халмаханов, Абдулмалик Халоков, Жасурбек Жайсунов, Тахмина Икромова ва бошқа спортчилар ҳам муносиб ҳисса қўшди.