Спорт

Президент Ўзбекистон шахматчилари ғалабасини юксак баҳолади

Президент Ўзбекистон шахматчилари ғалабасини юксак баҳолади
Президент Ўзбекистон шахматчилари ғалабасини юксак баҳолади / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказмоқда.

Давлатимиз раҳбари шахматчиларимизни 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги тарихий ғалаба билан яна бир бор табриклади.

Икки карра Олимпиада чемпиони деган юксак ва шарафли унвон барчамизга, бутун Ўзбекистон халқига муборак бўлсин! – деди Президентимиз.

Самарқанддаги Олимпиада оддий спорт мусобақаси бўлмагани таъкидланди. Унда 200 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 2 минг шахматчи, жумладан, кучли гроссмейстерлар ва амалдаги чемпионлар жам бўлди.

Шундай улкан рақобат ичида Ўзбекистон байроғини энг баландга кўтариш бу ҳақиқий жасорат, катта ақл-заковат ва мустаҳкам ирода намунасидир, – деди давлатимиз раҳбари.

Ғалабага ўз юртимизда, халқимиз кўз ўнгида эришилгани унга алоҳида маъно бағишлади. Олимпиадани бевосита кузатиш учун Самарқандга 60 мингдан ортиқ меҳмон келди; ҳудудлардаги фан-зоналарда қарийб 500 минг мухлис, телеэкран ва интернет орқали эса миллионлаб ватандошларимиз ўйинларни кузатди.

Президентимиз ўзи ҳам ҳал қилувчи партияларни катта қизиқиш билан кўрганини айтди:

“Баъзи партияларда сизлар нафақат рақибларингизни, балки бизни ҳам кучли ҳаяжонда ушлаб турдингизлар”.

Давлатимиз раҳбари амалдаги Олимпиада чемпиони Ҳиндистон терма жамоаси билан учрашувга алоҳида тўхталди. Нодирбек Ёқуббоевнинг Ниҳал Саринга қарши партиясида вазият бир пайт жуда оғирлашганини эслади.

Лекин сен охиригача мардона курашдинг. Ниҳоятда топқирлик билан қўллаган тактик юришларинг вазиятни бутунлай ўзгартирди ва жамоамизга ҳал қилувчи ғалабани олиб келди,– деди Президентимиз.

Ҳиндистон устидан ғалабадан сўнг Ўзбекистон якка пешқадамга айланди. Кейин шахматчиларимиз Хитой жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳон рейтинги етакчиси ва олти карра Олимпиада чемпиони бўлган АҚШ терма жамоасидан ҳам устун келди.

Президентимиз Нодирбек Абдусатторов бутун мусобақани мағлубиятсиз ўтказиб, биринчи тахтада олтин медални қўлга киритганини эътироф этди. Унинг америкалик Фабиано Каруанага қарши мураккаб эндшпилдаги ғалабаси ҳам алоҳида эсга олинди: “Бунинг ўзи алоҳида катта натижа!”.

Президентимиз Жавоҳир Синдоровга мурожаат қилиб, бир неча ой аввал унинг Номзодлар турниридаги тарихий ғалабаси нишонланганини эслади. Олимпиадада Жавоҳир яна совуққонлик ва барқарорлик кўрсатди, кучли рақиблар олдида ортга чекинмади.

Энди олдингда яна бир улкан марра – жаҳон тожи учун беллашув турибди. Бугун ортингда нафақат жамоадошларинг ва устозларинг, балки қирқ миллионга яқин Ўзбекистон халқи турибди. Биз сенга ишонамиз! деди давлатимиз раҳбари.

Йирик мусобақада илк бор иштирок этган Муҳиддин Мадаминов ҳал қилувчи кунда украиналик Роман Деҳтиаровни қора доналарда мағлуб этиб, жамоамизга олтин медаль учун зарур очкони олиб келди. Мамлакатимиз етакчиси унинг ғайрати ва ғалабалари мухлислар кўнглидан жой олганини таъкидлади.

Шамсиддин Воҳидов ҳам умумий натижага муносиб ҳисса қўшди. Хусусан, у амалдаги жаҳон чемпиони Гукешга қарши қора доналарда тенгма-тенг курашиб, ўз салоҳиятини намоён этди.

Бу олтин медалда жамоанинг ҳар бир аъзосининг машаққатли меҳнати ва улкан ҳиссаси бор, деди Президентимиз.

Шахматчилар ҳақида ҳали китоблар ёзилиши, фильмлар яратилиши ва уларнинг ўйин услуби дарсликларга киришига ишонч билдирди.

Президентимиз Ўзбекистон Олимпиадада эркаклар ва аёллар ўртасида жами олтита терма жамоа билан қатнашганига эътибор қаратди. Барча таркибларнинг натижалари ва ўйин услуби жаҳон шахмат оламининг қизиқишини уйғотди.

Эркаклар ўртасидаги иккинчи жамоамиз жаҳон рейтингида олтинчи ўринда турган Нидерландия терма жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этди. Давлатимиз раҳбари буни ҳам муҳим ютуқ деб баҳолади.

Учинчи жамоа таркибидаги 17 ёшли Асроржон Омонов саккизта ўйинда еттита ғалабага эришди. Унинг натижаси мамлакатимизда етишиб келаётган истеъдодли шахматчилар салоҳиятини кўрсатди.

Бизда 2-3 нафар шахматчи эмас, балки бутун бошли кучли авлод бор десак, бу ҳам ҳақиқат, – деди Президентимиз ҳамда бу авлод ва унинг ортидан келаётган ёшлар жаҳон шахматида ҳали кўплаб ютуқларга эришишига ишонч билдирди.

Давлатимиз раҳбари аёллар терма жамоаларимиз ҳам Олимпиадада катта ирода ва матонат кўрсатганини таъкидлади. Биринчи жамоа 11 турнинг еттитасида ғалаба қозониб, дунёнинг кучли шахмат мамлакатлари вакиллари билан тенгма-тенг курашди.

Афруза Ҳамдамова, Гулрухбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Нилуфар Имомқўзиева, Гулдона Каримова ва бошқа шахматчи қизларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилди.

– Ишонаман, ҳали ўзбек шахматчи қизлари ҳам Олимпиада шоҳсупасининг энг юқори поғонасига албатта кўтарилади, – деди Президентимиз.

Самарқанддаги учинчи ФИДE парашахмат олимпиадасида терма жамоамиз илк бор бронза медалини қўлга киритди. Селби Какишова еттита ўйинда олти очко жамғариб, ўз тахтасида кумуш медалга сазовор бўлди.

Абдулазиз Баҳодиров шахсий ҳисобда бронза медални қўлга киритди, Аҳадхон Кимсанбаев эса бирорта ҳам мағлубиятга учрамади. Президентимиз парашахматчиларнинг ҳар бирига алоҳида таҳсин билдирди.

– Сизлар ўз жасоратингиз, ақл-зеҳнингиз, иродангиз ва тинимсиз меҳнатингиз билан минглаб инсонларга жуда катта ибрат ва намуна кўрсатдингиз,– деди давлатимиз раҳбари.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.