Тошкентда одамларни қутқариш вақтида ФВВ ходими ҳалок бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 15 августга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлди. Қутқарув операцияси давомида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика махсус қутқарув батальони гуруҳ командири, капитан Бобурмирзо Пардаев ҳалок бўлди.
Қутқарувчилар ёнғин содир бўлган бинодаги аҳолини эвакуация қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
«Қуйи Дархон» маҳалласи ҳудудида жойлашган уйда ёнғин содир бўлгани ҳақидаги хабар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг навбатчилик қисмига соат 03:41 да келиб тушган.
Ҳодиса жойига Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Республика махсус қутқарув батальони ходимлари етиб борган.
Ёнғинни ўчириш вақтида қутқарувчилар бир вақтнинг ўзида уй аҳолисини эвакуация қилиш ишларини ҳам олиб борган. Одамларни бинодан олиб чиқишга муваффақ бўлинган.
Қутқарув операциясида капитан Бобурмирзо Пардаев ҳам иштирок этган. Одамларни эвакуация қилиш вақтида у оғир жароҳатлар олган ва ҳалок бўлган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, капитан Пардаев сўнгги дақиқага қадар ўз хизмат бурчини бажарган ва одамлар хавфсизлигини ўз ҳаётидан устун қўйган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби ҳалок бўлган офицернинг оиласи ва яқинларига таъзия билдирди.