Ўзбекистон

Тошкент вилоятида тиббий шаҳарча ташкил этилади

Тошкент вилоятида тиббий шаҳарча ташкил этилади
Тошкент вилоятида тиббий шаҳарча ташкил этилади / Фото: Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятида Жанубий Корея тажрибасидан фойдаланган ҳолда 400 гектар майдонда замонавий Tashkent Medical Smart City тиббий шаҳарчасини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг Жанубий Кореяга амалий ташрифи якунлари бўйича маълум қилинди.

Сеул шаҳрида делегация Жанубий Кореянинг HAEAHN Architecture компанияси вакиллари билан учрашди. Томонлар Тошкент вилоятида замонавий тиббий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган халқаро инновацион лойиҳани амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Аввалроқ Жанубий Кореянинг қатор етакчи компаниялари билан лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ҳужжатга мувофиқ, 400 гектар майдонда тиббий муассасалар, шунингдек, улар билан боғлиқ ижтимоий ва тижорат инфратузилмасини барпо этиш режалаштирилган.

Учрашув давомида лойиҳанинг янгиланган концепцияси, мастер-режаси ҳамда архитектура ва режалаштириш ечимлари кўриб чиқилди.

Ягона тиббий шаҳарча ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Унинг таркибига тиббий муассасалар, халқаро тиббиёт университети, таълим муассасалари, меҳмонхоналар, бизнес ва савдо марказлари, шунингдек, замонавий турар жой мажмуалари кириши мумкин.

Томонлар лойиҳа устида халқаро стандартлар асосида ишлашни давом эттиришга, архитектура ва шаҳарсозлик соҳасида Корея тажрибасидан кенг фойдаланишга келишиб олди. Шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш ва тиббий туризмни ривожлантириш учун замонавий инфратузилма яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар Tashkent Medical Smart City лойиҳаси бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштириш ҳамда кейинги амалий қадамларни белгилаш зарурлигини таъкидлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.