Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Тошкент вилояти ва Бошқирдистон икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Дилафруз Ниязова · 15.08.2025 · 12:25 · 297 views
Тошкент вилояти ва Бошқирдистон икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда
Тошкент вилояти ва Бошқирдистон икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Бошқирдистон Республикасининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига янги тайинланган раҳбар Алберт Шайхутдиновни қабул қилди.

Учрашув давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, иқтисодиёт, илм-фан ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ва истиқболли йўналишлар масаласида амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.

Бошқирдистон Республикасида асаларичилик соҳаси юқори даражада ривожланган бўлиб, айни йўналишда Тошкент вилоятида ҳам етарлича салоҳият мавжуд. Учрашув давомида ушбу соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ҳамда асаларичиликни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, икки вилоят ҳамкорлигида илмий-тадқиқот маркази ташкил этиш, тайёр маҳсулотларни халқаро бозорга экспорт қилиш имкониятларини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Вилоят ҳокими Алберт Шайхутдиновни янги лавозими билан табриклаб, унга масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади. Томонлар белгиланган йўналишларда аниқ режаларни ишлаб чиқишга ва амалий ишларни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.