Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Технологиялар

Ўзбекистон Сенати рақамли марказ тўғрисидаги қонунни маъқуллади

UzDaily таҳририяти · 08.08.2026 · 18:20 · 28 views
Ўзбекистон Сенати рақамли марказ тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Ўзбекистон Сенати рақамли марказ тўғрисидаги қонунни маъқуллади / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида «Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида»ги Конституциявий Қонун муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида таъкидланганидек, мазкур Конституциявий қонун Сенатнинг 17-ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, такомиллаштириш бўйича таклифлар билан бирга Қонунчилик палатасига юборилган эди. Сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссияси манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар вакилларини жалб қилган ҳолда Қонунни қайта ишлаб чиқди.

Конституциявий қонун билан республикамиз ИТ-парк ҳудудида инглиз ҳуқуқи тамойиллари асосида фаолият юритувчи «Энтерприсе Узбекистан» рақамли технологиялар халқаро марказининг ҳуқуқий пойдевори яратиб берилади.

Конституциявий қонунга мувофиқ Марказни ташкил этиш, фаоллаштириш, унинг чегараларини ўзгартириш, стратегик бошқарув, асосий мансабдор шахсларни тайинлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларига бевосита тааллуқли бошқа масалалар қабул қилинган фармонлари ва қарорларига асосан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, мослашувчан солиқ ва божхона режими, айрим фаолият турлари бўйича солиқлардан озод қилиш, асбоб-ускуналар, технологиялар ва материалларни олиб киришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Марказ иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш механизмларини, яъни рўйхатга олиш ва бошқариш учун ягона дарча ташкил этиш,  интеллектуал мулк ва инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатларини жорий этиш кўзда тутилган.

Марказ фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 2030 йилга қадар юртимизда рақамли хизматлар экспортини 5 млрд АҚШ долларига етказиш, иқтисодиётимизда юқори даромад келтирувчи 300 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш ва кўплаб иқтидорли ёшларнинг ватанимизда дунё миқёсидаги маошлар билан таъминланишига мустаҳкам замин яратилади.

Қонуннинг қабул қилиниши хорижий инвесторларнинг мулкий ва интеллектуал ҳуқуқларини халқаро стандартлар даражасида кафолатланишига, бунинг натижасида эса Apple, Google, Microsoft, Amazon  каби дунёнинг энг йирик трансмиллий ИТ-гигантларини тўғридан-тўғри юртимизга кириб келишига ҳуқуқий асос яратади.

Сенаторларнинг фикрича, Конституциявий қонун ИТ соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушининг ошишига, рақамли секторга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ўсишига, рақамли технологиялар соҳасида янги иш ўринлари яратилишига, ИТ хизматлари экспорт ҳажмининг ошишига хизмат қилади.

 Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.