Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон Сенати ногиронларни қўллаб-қувватлаш чораларини маъқуллади

UzDaily таҳририяти · 09.08.2026 · 15:57 · 34 views
Ўзбекистон Сенати ногиронларни қўллаб-қувватлаш чораларини маъқуллади
Ўзбекистон Сенати ногиронларни қўллаб-қувватлаш чораларини маъқуллади / Фото: Олий Мажлис Сенати Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 18-ялпи мажлисида “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва рақамлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланишини, уларга одил судловдан фойдаланиш учун қулай имкониятлар яратилишини ва ушбу шахсларнинг мурожаати талаб этилмаган ҳолда солиқ имтиёзлари берилишини, уларни ишга қабул қилган ёки уларга ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга нисбатан солиқ имтиёзлари ва давлат божи бўйича чегирмалар қўлланилиши, Ижтимоий реестр жорий этилганлиги сабабли унинг номи ўзаро мувофиқлаштирилиши, ваколатли давлат органи фуқаролик ишлари бўйича судларга киритилган ортиқча (ноқонуний) тўланган нафақаларнинг суммаларини ундириш билан боғлиқ даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда.

Сенаторлар Қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлаш чораларини такомиллаштиришга ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг ва қулай шарт-шароитлар яратиш орқали уларнинг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.