Қонун билан аҳоли ва тадбиркорларга қулайликлар яратилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 18-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунда “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими янги ҳуқуқий институт сифатида мустаҳкамланмоқда. Ушбу институтни қонунчиликка киритиш орқали келгусида айрим фаолият турлари билан уч ойгача лицензия ёки рухсатномасиз шуғулланиш имконияти яратилади.
Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари лицензия ёки рухсатнома олмасдан туриб, электрон тарзда ваколатли органни хабардор қилиш орқали ўз фаолиятини бошлаш имкониятига эга бўлади. Бунда уларга лицензия ёки рухсатнома талабларига мослашиш учун қўшимча вақт ва ўз фаолиятини синов тарзида бошлаб, унинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш имконияти берилади. Ушбу ўзгариш тадбиркорлик фаолиятини бошлашни енгиллаштиради, вақт ва харажатларни тежайди ҳамда янги бизнес ташаббусларини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Қонун билан Оила кодексининг 69-моддасига отанинг исмини болага фамилия сифатида бериш бўйича ўзгартириш киритилмоқда.
Амалда боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми ҳам фамилия қилиб берилиши мумкин.
Сенаторлар отанинг исмини болага фамилия сифатида берилишининг қонунчиликда белгиланиши фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиб, миллий ва диний анъаналарга мувофиқ уларнинг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини таъкидлади.
Бундан ташқари, Қонун билан “Архив иши тўғрисида”ги Қонунга архив иши соҳасидаги ваколатли давлат органларининг ваколатларини аниқлаштирувчи, нодавлат архивларини ва электрон архивларни ташкил этишга доир қоидаларни ҳамда архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатларини белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қизғин муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.