Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон Сенати болалар ҳуқуқлари ва омбудсманларни ҳимоя қилишни кучайтирди

UzDaily таҳририяти · 09.08.2026 · 16:01 · 29 views
Ўзбекистон Сенати болалар ҳуқуқлари ва омбудсманларни ҳимоя қилишни кучайтирди
Ўзбекистон Сенати болалар ҳуқуқлари ва омбудсманларни ҳимоя қилишни кучайтирди / Фото: Олий Мажлис Сенати Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг нуфузини ошириш, шунингдек, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, шу жумладан бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) таъсир чоралари жумласига кирувчи ҳужжатларнинг кўриб чиқилишида мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада ошириш, шунингдек “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлиги муносабати билан унда назарда тутилган нормаларнинг амалиётга тўлақонли татбиқ этилишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни такомиллаштиришга, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Болалар омбудсманининг) парламент билан боғлиқ фаолиятини тартибга солишга, унинг вояга етмаганлар жиноятлари ҳақидаги ишларни юритиш, суд ҳамда жиноий жазоларни ижро этиш жараёнларидаги ролини оширишга доир ўзгартиришлар киритилмоқда.

Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан қайд этилганидек, ушбу Қонун маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолиятини янада такомиллаштиришга, инсон ҳуқуқларини, шу жумладан бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сенаторлар Қонунни маъқуллади.