Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон Сенати қочқинларга ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномани бекор қилишни маъқуллади

UzDaily таҳририяти · 09.08.2026 · 16:09 · 22 views
Ўзбекистон Сенати қочқинларга ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномани бекор қилишни маъқуллади
Ўзбекистон Сенати қочқинларга ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномани бекор қилишни маъқуллади / Фото: Олий Мажлис Сенати Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 18-ялпи мажлисида “1993 йил 24 сентябрдаги Қочоқлар ва кўчишга мажбур бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Битимнинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги Баённомани тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мазкур Битим собиқ Иттифоқ парчаланиши ортидан юзага келган қуролли можаролар, миллатлараро низолар ҳамда оммавий миграция жараёнлари шароитида қочоқлар ва мажбурий кўчирилган шахсларга ёрдам кўрсатиш соҳасида иштирокчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.

Бугунги кунда мазкур Битим қабул қилинишига асос бўлган ижтимоий-сиёсий шароитлар тубдан ўзгарган. Шу билан бирга, Битимда назарда тутилган қатор институтлар ва давлатлараро ҳамкорлик механизмлари, жумладан Давлатлараро жамғарма ҳамда бошқа амалий механизмлар шакллантирилмаган ва амалда қўлланилмаган. Шу сабабли мазкур халқаро ҳужжат ўзининг ҳуқуқий ва амалий аҳамиятини йўқотган.

Муҳокама давомида Битимнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги Баённоманинг тасдиқланиши мамлакатимиз халқаро шартномавий сиёсатини замонавий ҳуқуқий муносабатлар ва миллий манфаатлар асосида изчил такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши амалий аҳамиятини йўқотган халқаро шартномани ҳуқуқий муомаладан чиқариш, мамлакатимиз халқаро шартномавий-ҳуқуқий базасини тизимлаштириш, уни замонавий халқаро ҳуқуқ нормалари ва миллий манфаатларга мувофиқлаштириш, шунингдек ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳуқуқий аниқлик ва изчилликни таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.