Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2026 йилнинг биринчи ярми натижаларини сарҳисоб қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 28 июль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган жамоатчилик эшитуви ҳамда Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатда коррупциянинг олдини олиш, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш, шунингдек, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида эришилган натижалар ҳамда келгуси устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йилда коррупцияга қарши курашиш соҳасининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланиб, 5 та муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Хусусан, коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхати белгиланди, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестри, коррупциявий хавф-хатарлар харитасини шакллантириш ҳамда комплаенс-назорат тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги превентив ҳуқуқий механизмлар жорий этилди.
Шунингдек, Ҳукумат аъзоси ҳамда ҳоким лавозимига номзодлар Олий Мажлис ва халқ депутатлари вилоят, туман ҳамда шаҳар кенгашлари томонидан кўриб чиқилаётганда уларнинг коррупцияга қарши курашиш режасини тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилди. Йирик инвестиция лойиҳаларини давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби белгиланди.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини самарали ташкил этиш, улар ходимларининг малакасини ошириш, стажировка ва аттестациядан ўтказиш тартиблари тасдиқланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат бўлинмалари фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида “Рақамли комплаенс” ахборот-дастурий комплекси ишга туширилди. Шунингдек, Коррупциянинг олдини олиш кластери фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳисобот даврида давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари томонидан 19 709 та ўрганиш, мониторинг ва назорат тадбирлари ўтказилиб, улар натижасида 1 886,0 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди. Шундан 264,7 млрд сўмлик қонунбузилишлар бартараф этилди ҳамда 587,8 млрд сўм маблағнинг мақсадсиз сарфланишининг олди олинди.
“Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” платформасида 28 минг 318 нафар давлат хизматчиси ўқитилди.
Йиғилишда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1934-моддасига мувофиқ, 127 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилгани ҳам қайд этилди.
Шунингдек, қиймати 298,4 млрд сўм бўлган 73 та давлат харидида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, улар юзасидан вазирлик ва идораларга 42 та тақдимнома (168,7 млрд сўм) киритилди. Мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 43 та тўпланган материал юборилди.
Ҳисобот даврида 185 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, уларда 255 та коррупциявий омил аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга таклифлар киритилди.
Ҳисобот даврида “E-qaror” тизимида “яширилган” мақомда қабул қилинган жами 24 241 та қарор ва фармойиш ўрганилди. Натижада уларнинг 648 таси асоссиз равишда “яширилган” мақомда қабул қилингани аниқланди ҳамда мазкур қарорларни очиқлаш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 42 та тақдимнома киритилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Бешинчи миллий маъруза лойиҳаси тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига киритилди.
2025 йил якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индекси шакллантирилди.
Тадбирда жамоатчилик кенгаши аъзолари фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижаларига алоҳида тўхталиб ўтишди. Таъкидланганидек, мазкур йўналишда илк бор “Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик” таҳлилий маркази ҳамда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Ўзбекистоннинг БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси (5- ва 13-моддалари) талабларига риоя этиши бўйича мустақил мониторинг амалга оширилгани муҳим аҳамият касб этди.
Халқаро ҳамкорлик доирасида Transparency International ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “Миллий ҳалоллик тизимини баҳолаш” (NIS) ҳисоботи эълон қилиниб, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “LISA — маҳаллий ҳалоллик тизими” лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида маҳаллий ҳокимликлар тизимидаги коррупциявий хавф-хатарлар баҳоланди.
2027 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси иштирокчи давлатларининг 12-конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди.
Йиғилиш давомида ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар юзасидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
Муҳокамалар якунида Агентлик ва Жамоатчилик кенгашининг 2026 йилнинг иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган устувор вазифалари юзасидан батафсил ахборот берилди.