«Тошкент метрополитени» акциядорлик жамиятига айлантирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Тошкент метрополитени» давлат унитар корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилди. Қайта ташкил этиш доирасида жамиятнинг янги устави, акциядорлар умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижро органи тўғрисидаги низомлар, шунингдек, ижро органи меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тасдиқланди.
Қайта ташкил этилгандан сўнг жамият «Toshkent metropoliteni» АЖ номи остида фаолият юритади. Тегишли қарорлар ягона акциядор сифатида иштирок этган акциядорлар умумий йиғилиши томонидан қабул қилинди.
АЖ кузатув кенгаши таркибига Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Темир йўл транспорти бошқармаси бошлиғи Отабек Иркабаев, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Транспорт ва коммуникация соҳалари корхоналарини иқтисодий, молиявий ва бошқарув жиҳатдан тартибга солиш бошқармаси бош мутахассиси Муштарий Ашрмаматова, Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ҳузуридаги Махсус жамғарма маблағларини бошқариш ва унинг йўналишларини таҳлил қилиш бўлими бошлиғи Раҳмаджон Каримжонов ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги Баҳолаш ва риэлторлик фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодирбек Якубов киритилди.
«Toshkent metropoliteni» АЖ бошқаруви раиси этиб Раҳманбек Усмонов тайинланди. Қарор қабул қилишда унинг касбий малакаси, транспорт соҳасидаги иш тажрибаси ва бошқарув қобилиятлари инобатга олинган. Бошқарув раиси билан меҳнат шартномаси уч йил муддатга тузилди.
Раҳманбек Усмоновга, тасдиқланган ходимларнинг умумий сони доирасида, жамият таркибий бўлинмалари ходимлари сонига ўзгартишлар киритиш ваколати ҳам берилди.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклнинг ўзгариши муносабати билан АЖ раҳбарияти корхона ҳужжатларини хатловдан ўтказиши ва уларни норматив-ҳуқуқий ҳамда таъсис ҳужжатларига мувофиқлаштириши керак.
Бундан ташқари, янги ташкилий тузилма, штат жадвали ва вазифалар тақсимотига мувофиқ тегишли соҳалар ва таркибий бўлинмаларга бириктирилган фаолият йўналишларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш назарда тутилган.