Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон компаниялари Россия ҳудудлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

UzDaily таҳририяти · 15.08.2026 · 10:55 · 20 views
Ўзбекистон компаниялари Россия ҳудудлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон компаниялари Россия ҳудудлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Кичик бизнес ассоциацияси вакиллари Татаристон, Бошқирдистон ва Самара ҳудудларига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида ташкил этилган сафар давомида Россиянинг ушбу ҳудудларида фаолият юритаётган ўзбек корхоналари ва рус компаниялари иштирокида бизнес-форумлар ўтказилди.

Учрашувларда тадбиркорлар ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш, маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, экспортни ривожлантириш ва янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилди.

Иштирокчилар учун Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмалари ҳамда B2B форматида икки томонлама музокаралар ҳам ташкил этилди. Ўзбекистонлик тадбиркорлар россиялик ишбилармонлар билан экспорт-импорт шартномаларини имзолаб, савдо уйларини очиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Россиянинг ҳудудий савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланди.

Мазкур ҳужжатлар савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва Ўзбекистон маҳсулотларини Россия бозорига экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.