Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

"Ўзтўқимачиликсаноат" Хитойнинг Yifa Group билан янги лойиҳаларни муҳокама қилди

UzDaily таҳририяти · 08.08.2026 · 12:45 · 21 views
"Ўзтўқимачиликсаноат" Хитойнинг Yifa Group билан янги лойиҳаларни муҳокама қилди
"Ўзтўқимачиликсаноат" Хитойнинг Yifa Group билан янги лойиҳаларни муҳокама қилди / Фото: "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмасининг матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 7 август куни «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасида Хитойнинг Yifa Commercial Group ҳамда Венчжоу шаҳрининг "Бир макон, бир йўл" корхоналарни ривожлантириш уюшмаси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон тўқимачилик саноатида инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда тайёр маҳсулотлар савдосини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Хитойлик ҳамкорлар томонидан Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, савдо-тақсимлаш марказини ташкил этиш ва тайёр маҳсулотларни мамлакатимиз бозорига етказиб беришга қизиқиш билдирилди. Шунингдек, Хитойлик ҳамкорларга сунъий ва синтетик толалар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш таклиф этилди ҳамда инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ва Ўзбекистондан Европа Иттифоқи, Буюк Британия ҳамда МДҲ давлатларига экспорт имкониятлари ҳақида маълумот тақдим этилди.

Yifa Commercial Group 7–8 мингга яқин компания ва брендни бирлаштирувчи йирик саноат платформаси бўлиб, Ханчжоу шаҳрида умумий майдони қарийб 700 минг квадрат метр бўлган 9 та савдо-ишлаб чиқариш мажмуасини бошқаради.

Учрашув якунида маҳаллий корхоналар 2026 йил 28–29 август кунлари Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган Йифа кийим-кечак соҳасида тажриба алмашиш бўйича XVI Бутунжаҳон конференциясига таклиф этилди. Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Хитой компаниялари ўртасида B2B учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилган.