Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Самара вилояти бизнес ҳамкорлигини кенгайтирмоқда

UzDaily таҳририяти · 08.08.2026 · 10:40 · 21 views
Ўзбекистон ва Самара вилояти бизнес ҳамкорлигини кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Самара вилояти бизнес ҳамкорлигини кенгайтирмоқда / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 7 август куни Самара шаҳрида «Ўзбекистон Республикаси ва Самара вилояти ҳамкорлигини янада кенгайтириш» мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Одилхон Рустамов, Самара вилояти Савдо-саноат палатаси раиси Валерий Фомичев, давлат идоралари, бизнес уюшмалари ҳамда автомобилсозлик, машинасозлик, кимё, енгил ва озиқ-овқат саноати, қурилиш, транспорт-логистика, АКТ ва туризм соҳаларида фаолият юритувчи 100 дан ортиқ корхона вакиллари иштирок этди.

Форумда Ўзбекистон ва Самара вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва экспорт ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Одилхон Рустамов ўз нутқида 2025 йил якунларига кўра Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 13 млрд АҚШ долларига яқинлашгани, мамлакатимизда Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони 3 мингдан ошгани, шунингдек, республикада 40 дан ортиқ махсус иқтисодий зона фаолият юритаётганини таъкидлади.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Самара вилояти Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шунингдек, Самара тадбиркорлари Ўзбекистоннинг Афғонистон бозорига йўналтирилган эркин иқтисодий зона имкониятларидан фойдаланишга таклиф этилди ҳамда сентябрь ойида Самара ишбилармонлар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи юзасидан келишувга эришилди.

B2B музокаралари якунларига кўра бир қатор шартнома ва келишувлар имзоланди.