Ўзбекистон ҳудудларида электр таъминоти тикланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида қўшни давлат энергетика тизимида юз берган авария сабабли келиб чиққан узилишлардан сўнг электр таъминоти тўлиқ тикланди. Сурхондарё вилоятида электр энергияси таъминоти яқин вақт ичида тикланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Авария 14 август куни соат 14:38 да содир бўлиб, Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизими ишига таъсир кўрсатган. Натижада Сурхондарё вилояти ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида электр таъминотида узилишлар юзага келган.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, авария оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар якунланган. Айни пайтда мамлакатнинг қолган барча ҳудудларида электр таъминоти тўлиқ тикланган.
Аввал хабар қилинганидек, Қозоғистон энергетика тизимидаги авария Л-5400, Л-5300 ва Л-5320 электр узатиш линияларининг узилишига олиб келган. Шундан сўнг «Алатау Жарық Компаниясы» АЖ тармоқларида аварияга қарши автоматика ишга тушган.
Натижада Олмаота шаҳри ва Олмаота вилоятидаги истеъмолчиларнинг бир қисми электр энергиясиз қолган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, узилган юклама ҳажми 300 МВтни ташкил этган.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» мутахассислари авария оқибатларини бартараф этиш ва энергетика тизимининг нормал ишлашини тиклаш бўйича ишларни амалга оширган.