Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Тошкент метрополитени Siemens ва CICT технологияларини ўрганди

Дилафруз Ниязова · 10.08.2026 · 10:53 · 32 views
Тошкент метрополитени Siemens ва CICT технологияларини ўрганди
Тошкент метрополитени Siemens ва CICT технологияларини ўрганди / Фото: “Тошкент метрополитени” ДУК.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой Халқ Республикасидаги хизмат сафари давомида “Тошкент метрополитени” ДУК бош муҳандиси ҳамда делегация аъзоларининг навбатдаги манзили Фузҳоу шаҳри бўлди.

Ташриф доирасида делегация Siemens компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда метро ва темирйўл транспорти учун мўлжалланган замонавий технологиялар, хусусан, сигнализация ва алоқа тизимлари, автоматик эшикларни очиш-ёпиш қурилмалари ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ечимлар билан яқиндан танишилди.

Шунингдек, метро инфратузилмасида рельслар ва йўл участкаларида хавфсизликни таъминлаш, хавфли ҳолатларнинг олдини олиш, ҳаракат таркибларининг хавфсиз ҳаракатланишини назорат қилиш ҳамда автоматлаштирилган бошқарув жараёнларида қўлланиладиган замонавий тизимлар ўрганилди.

Учрашув давомида метро поездлари машинистлари ва мутахассисларини амалий тайёрлашга мўлжалланган тренажёр-симуляторлар масаласи ҳам муҳокама қилинди. Мазкур қурилмаларнинг реал иш жараёнларини максимал даражада акс эттириши, турли фавқулодда ва ностандарт вазиятларда ходимларнинг амалий кўникмаларини шакллантириши ҳамда ҳаракат хавфсизлигини оширишдаги имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Ташрифнинг навбатдаги қисмида  CICT компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди. Унда компаниянинг замонавий телекоммуникация ечимлари, жумладан, LTE-M технологияси, унинг имкониятлари ҳамда метро инфратузилмасида ишончли ва узлуксиз алоқа тизимини таъминлашдаги қўлланиш истиқболлари ҳақида маълумотлар олинди.

Дастур якунида делегация аъзолари ва компания вакиллари ўртасида музокаралар ўтказилиб, Тошкент метрополитенини ривожлантириш, ҳаракат хавфсизлигини ошириш, замонавий сигнализация ва алоқа тизимларини жорий этиш, мутахассисларни тайёрлашда замонавий тренажёр-симуляторлардан фойдаланиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Мазкур ташриф метро транспортида хавфсизликни таъминлаш, илғор технологияларни ўрганиш, ходимларнинг касбий тайёргарлигини такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.