Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Тошкентда 600 миллион сўмлик қалбаки дори воситалари мусодара қилинди

UzDaily таҳририяти · 03.08.2026 · 17:35 · 33 views
Тошкентда 600 миллион сўмлик қалбаки дори воситалари мусодара қилинди
Тошкентда 600 миллион сўмлик қалбаки дори воситалари мусодара қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда Россиядан Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилган қалбаки дори воситаларини мамлакат ҳудудида сотиш каналига чек қўйди.

Идоралар маълумотига кўра, тезкор тадбирлар доирасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган учта хонадонда тинтув ўтказилди. Тергов маълумотларига кўра, пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида яшовчи 63 ёшли фуқаро икки нафар ўғли билан биргаликда дори воситаларини сақлаш ва сотишни ташкил этган.

Тинтувлар чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан процессуал тартибда Buserelin, Volini, Bikana, Tirzetta ва бошқа номдаги жами 29 турдаги 1330 қути қалбаки дори воситалари аниқланиб, мусодара қилинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мусодара қилинган маҳсулотларнинг қиймати қарийб 600 миллион сўмни ташкил этади.

Тергов тахминига кўра, дори воситалари Россиядан темир йўл ва ҳаво транспорти орқали келган йўловчилар ёрдамида кичик партияларда олиб кирилган. Мамлакатга олиб кирилгач, улар Тошкент шаҳри ҳудудида сотилган.

Мусодара қилинган дори воситалари юзасидан экспертиза тайинланган.

Ҳозирги вақтда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.