Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов KOFIH, Yonsei University ва Korea IT Consulting (KITC) олимлари ҳамда экспертлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Учрашувда инновацион фармацевтика кластери — BioPharma City шакллантирилаётган экотизими, шунингдек, илм-фан, таълим, илмий-тадқиқот фаолияти, технологиялар ва ишлаб чиқариш жараёнларини ягона тизимга бирлаштириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш, замонавий технологиялар ва билимлар трансферини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, инновацион маҳсулотлар яратиш ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Корея Республикаси тажрибасидан фойдаланган ҳолда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, шунингдек, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.