Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ва таҳсил олаётган педагогларнинг фарзандлари учун контракт тўлови суммасидан ҳар йили 30 фоиз миқдорида чегирма берилади.
Чегирма тақдим этиш тартиби 2026 йил 17 сентябрдаги 501-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган.
Чегирма давлат олий таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида бакалавриат дастурлари бўйича таҳсил олаётган педагогларнинг фарзандларига татбиқ этилади.
Имтиёз олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари талабаларига, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида таҳсил олаётганларга берилмайди.
Бундан ташқари, чегирма қўшимча ёки табақалаштирилган тўлов-контракт асосида, қўшма таълим дастурлари доирасида, хорижий ҳамкор олий таълим муассасалари факультетларида, шунингдек, нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабаларга татбиқ этилмайди.
Агар бир педагогнинг бир нечта фарзанди давлат олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олса, чегирма ҳар бир фарзанд учун алоҳида берилади.
Ўқиш учун контракт олиш мақсадида педагог фарзанди kontrakt.edu.uz тизими орқали ариза топширади.
Аризани кўриб чиқиш жараёнида ота-онанинг педагог сифатидаги мақоми «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали тасдиқланади. Тасдиқланганидан сўнг чегирма автоматик равишда қўлланилади.
Аризалар масъул муассаса томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилади. Чегирма ўқув йили давомида бир марта берилади.
Агар талабанинг отаси ёки онаси педагоглик мақомини йўқотса, чегирма бериш кейинги ўқув йилидан бошлаб тўхтатилади.