Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унда шовқиннинг йўл қўйиладиган даражалари ва фуқароларнинг тинчлиги ҳамда нормал дам олишини бузувчи ҳаракатларга нисбатан вақт чекловлари белгиланган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатга Президент Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни имзо чеккан.
Қонунга кўра, иш кунлари соат 23:00 дан 07:00 гача белгиланган йўл қўйиладиган даражадан юқори шовқин чиқариш тақиқланади. Дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида ушбу чеклов соат 22:00 дан 09:00 гача амал қилади.
Янги талаблар, жумладан, турар жойларда маиший ва хўжалик фаолияти натижасида юзага келадиган шовқин, қурилиш ишлари, техника ва транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ шовқинларга нисбатан татбиқ этилади.
Инсонда сезиларли безовталик келтириб чиқармайдиган, организмнинг функционал тизимлари ва шовқинга сезгир аъзоларида жиддий ўзгаришларга олиб келмайдиган ҳамда санитария қоидалари ва меъёрлари билан белгиланган шовқин даражаси йўл қўйиладиган даража ҳисобланади.
Белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилиш вазифаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси зиммасига юклатилди.
Шовқин таъсири натижасида зарар етказилган тақдирда, фуқаролар товон ундириш учун судга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади.
Қонун расмий эълон қилинганидан уч ой ўтиб, яъни 2026 йил 11 декабрдан кучга киради.