Иқтисод

Рақобат қўмитаси Centrum Air авиакомпаниясининг Тошкентга парвозининг кечикишини текширмоқда

Рақобат қўмитаси Centrum Air авиакомпаниясининг Тошкентга парвозининг кечикишини текширмоқда
Рақобат қўмитаси Centrum Air авиакомпаниясининг Тошкентга парвозининг кечикишини текширмоқда / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Centrum Air авиакомпаниясининг C6302 рақамли Стамбул — Тошкент йўналишидаги рейси кечикишини назоратга олди ва текширув ўтказмоқда. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Текширув ижтимоий тармоқларда рейс уч соатдан кўпроқ вақтга кечиккани ва йўловчиларнинг норозилиги ҳақида хабарлар тарқалганидан сўнг Қўмитага келиб тушган мурожаат асосида бошланган.

Ҳолатни ўрганиш доирасида Қўмита рейс кечиккан вақтда йўловчиларга зарур маълумотлар ва тегишли хизматлар тақдим этилган-этилмаганини, шунингдек, уларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларига риоя қилинган-қилинмаганини текширмоқда.

Текширув натижаларига кўра қонунчилик бузилиши аниқланган тақдирда, Қўмита ўз ваколатлари доирасида тегишли таъсир чораларини кўради. Текширув натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Фуқаролар ҳаво ташуви хизматларини кўрсатишда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан Қўмитанинг 1159 ягона ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин.

Идора маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар Centrum Air ва бошқа авиакомпаниялар хизматларидан норозилик билан боғлиқ 270 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Шу муносабат билан Қўмита амалдаги қоидаларни такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш ҳақида Транспорт вазирлигига бир неча бор кўрсатмалар юборган.

Хусусан, авиакомпания ўз айби билан рейсни белгиланган жадвалга нисбатан кечиктирган ва ёки йўловчини манзилига кечикиб етказган ҳолатларда унга пул компенсацияси тўлаш миқдори ва тартибини белгилаш таклиф этилмоқда.

Айни вақтда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.