Тиббиёт саноатини ривожлантириш агентлиги раҳбари косметика ишлаб чиқарувчилари билан мулоқот ўтказди
Тиббиёт саноатини ривожлантириш агентлиги раҳбари косметика ишлаб чиқарувчилари билан мулоқот ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан косметика саноатида фаолият юритаётган корхоналар фаолиятида юзага келаётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда уларнинг ечимларини ишлаб чиқиш мақсадида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда “Eclair” МЧЖ ҳамда “Dewell” бренди вакиллари иштирок этиб, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнлари, хомашё таъминоти, импорт тартиб-таомиллари, логистика масалалари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш талаблари юзасидан фикр алмашдилар.
Мулоқот давомида соҳа вакиллари томонидан ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва халқаро стандартларга мувофиқлашишга қаратилган бир қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Хусусан, айрим турдаги хомашёларни импорт қилиш билан боғлиқ талабларни қайта кўриб чиқиш ҳамда божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунлари бўйича кўтарилган масалаларни тизимли ҳал этиш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва соҳани янада ривожлантиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш юзасидан келишувларга эришилди.
Шунингдек, давлат органлари ва бизнес ҳамжамияти ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, соҳада мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида бундай очиқ мулоқотларни мунтазам равишда ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.