Спорт

Тадбиркорларга Ўзбекистоннинг 11 футбол клубини ишончли бошқарувга олиш таклиф этилди

Тадбиркорларга Ўзбекистоннинг 11 футбол клубини ишончли бошқарувга олиш таклиф этилди
Тадбиркорларга Ўзбекистоннинг 11 футбол клубини ишончли бошқарувга олиш таклиф этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Футбол ассоциацияси профессионал футбол клубларини тадбиркорлар ёки тадбиркорлар гуруҳларига ишончли бошқарувга бериш бўйича танлов эълон қилди.

Танлов Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 24 мартдаги «Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва тадбиркорлик субъектларини соҳага жалб этишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 12-банди «б» кичик бандига мувофиқ ўтказилмоқда.

Ишончли бошқарувга 11 та профессионал футбол клубини бериш режалаштирилган. Улар қаторига «Бунёдкор», «Бухоро», «Динамо», «Қизилқум», «Навбаҳор», «Насаф», «Нефтчи», «Локомотив», «Машъал», ОКМК ва «Пахтакор» киради.

Танловда тегишли профессионал футбол клуби фаолияти билан боғлиқ йиллик харажатларнинг камида 20 фоизи миқдорида ҳомийлик маблағларини киритган тадбиркорлар ёки тадбиркорлар гуруҳлари иштирок этиши мумкин.

Клубларни ишончли бошқарувга қабул қилган тадбиркорлар учун қатор имтиёзлар назарда тутилган.

Жумладан, фойда солиғини ҳисоблашда юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси клублар фаолиятини ҳомийлик хайриялари шаклида молиялаштиришга йўналтирилган маблағлар миқдорига камайтирилиши мумкин. Бундай камайтириш миқдори солиқ солинадиган фойданинг 10 фоизидан ошмаслиги лозим.

Клуб футболчилари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш назарда тутилган. Улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.

Тижорат банклари ликвид гаров таъминоти мавжуд бўлган тақдирда, клуб балансидаги бино, иншоот ва ер участкалари бундан мустасно, шунингдек, истиқболли бизнес-режалар асосида клубларни сотиб олиш ёки спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун беш йил муддатга кредитлар ажратади. Кредит фоиз ставкаси йиллик 14 фоизни ташкил этади, бунда бир йиллик имтиёзли давр назарда тутилган.

Бундан ташқари, спортни оммалаштириш ва тарғиб қилишга қаратилган трансляциялар вақтида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги марказий ва ҳудудий телеканалларда ўз маҳсулоти ёки хизматларини реклама қилишда тадбиркорларга 50 фоизлик чегирма берилади.

Мурожаатлар учун Ўзбекистон Футбол ассоциацияси қуйидаги электрон манзилни кўрсатган: sh.khodjimurotov@ufa.uz.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.