Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Сурхондарёда ўғлини сотмоқчи бўлган аёлга ҳукм ўқилди

UzDaily таҳририяти · 06.08.2026 · 19:05 · 26 views
Сурхондарёда ўғлини сотмоқчи бўлган аёлга ҳукм ўқилди
Сурхондарёда ўғлини сотмоқчи бўлган аёлга ҳукм ўқилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Термиз шаҳар жиноят ишлари бўйича суди Ангор туманида яшовчи аёлни одам савдоси жиноятида айбдор деб топиб, уни 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Иш материалларига кўра, 30 ёшли аёл ажрашганидан сўнг оғир моддий аҳволга тушиб қолган ва 2014 йилда туғилган ўғлини 40 млн сўмга сотишга келишган. У келишилган маблағнинг биринчи қисмини олаётган вақтда қўлга олинган.

Суд муҳокамаси давомида судланувчи айбини тўлиқ тан олди. Унинг сўзларига кўра, уй-жой йўқлиги, оғир моддий аҳвол ва тўпланиб қолган қарзлар уни жиноят содир этишга ундаган. Шунингдек, у бола яхшироқ шароитда яшайди, деб ўйлаганини билдирди.

Суд шунингдек, жорий йилнинг февраль ойида аёл қиз фарзандли бўлганини ва уни ихтиёрий равишда фарзандсиз оила тарбиясига берганини аниқлади.

Суд судланувчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «б» банди («Одам савдоси») билан айбдор деб топиб, унга умумий тартибдаги жазони ижро этиш колониясида ўташ шарти билан 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Бундан ташқари, суд Ангор туманидаги «Инсон» Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигининг туман бўлинмаси ҳамда туман ҳокимлиги ҳузуридаги Болаларни ҳимоя қилиш бўлимига онаси қўлга олингач қариндоши қарамоғида қолган вояга етмаган болага васийлик ўрнатиш масаласини ҳал этишни топширди.