Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

330 дан ортиқ ўзбекистонлик мақсадли ипотека омонатини очди

UzDaily таҳририяти · 06.08.2026 · 19:45 · 60 views
330 дан ортиқ ўзбекистонлик мақсадли ипотека омонатини очди
330 дан ортиқ ўзбекистонлик мақсадли ипотека омонатини очди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда мақсадли ипотека омонатлари механизми жорий этилган биринчи ой давомида ундан 338 нафар фуқаро фойдаланди. 1 август ҳолатига кўра, очилган ҳисобварақлардаги маблағларнинг умумий ҳажми 23,9 млрд сўмга етди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар қилди.

Жами маблағнинг 13,8 млрд сўми ёки 57 фоизи фуқароларнинг ўз маблағлари ҳисобига тўғри келган бўлса, яна 10,1 млрд сўм ёки 43 фоизи давлат бюджети ҳисобидан ўтказилган.

Энг кўп мақсадли ипотека омонатлари «Агробанк»да очилган. Банк мижозлари умумий қиймати 9,7 млрд сўм бўлган 141 та омонат расмийлаштирган бўлиб, бу жами маблағларнинг 41 фоизини ташкил этади.

Иккинчи ўринда 65 та омонат ва 4,6 млрд сўмлик маблағ билан «Бизнесни ривожлантириш банки» жойлашган. «Халқ банки»да эса 3,4 млрд сўмлик 50 та омонат очилган бўлиб, бу умумий ҳажмнинг 14 фоизига тенг.

Ҳудудлар кесимида Фарғона ва Хоразм вилоятлари етакчилик қилмоқда. Ушбу ҳудудларда 45 тадан мақсадли ипотека омонати очилган. Энг паст кўрсаткич Сирдарё вилоятида қайд этилган бўлиб, бу ерда тўртта омонат расмийлаштирилган.

Вазирлик маълумотига кўра, бундай омонатлар бўйича энг юқори фоиз ставкалари «Hamkorbank» томонидан йиллик 18 фоиз ва «Бизнесни ривожлантириш банки» томонидан йиллик 16 фоиз миқдорида таклиф этилмоқда.

Мақсадли ипотека омонатлари механизми Ўзбекистонда тажриба тариқасида 2026 йил 1 июлдан бошлаб амал қилмоқда.

Бундай омонатни ипотека субсидияси олиш учун маъқулланган фуқаролар очиши мумкин. Давлат ҳисобвараққа бошланғич тўловнинг бир қисмини қоплаш учун маблағ ўтказади, қолган қисмини эса қарз олувчи мустақил равишда киритади. Шахсий маблағлар миқдори уй-жой қиймати ва кредит шартларига боғлиқ бўлиб, омонатнинг амал қилиш муддати 12 ойдан ошмайди.

Янги механизмни жорий этиш бўйича тажриба 2026 йил 31 декабрга қадар давом этади.