Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Депутатлар интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишни муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 28.07.2026 · 16:15 · 25 views
Депутатлар интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишни муҳокама қилишди

Депутатлар интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишни муҳокама қилишди / Сурат: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда Адлия вазири Акбар Тошқуловнинг “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилмоқда.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, инновацион фаолиятни рағбатлантириш ҳамда миллий брендларни қўллаб-қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, интеллектуал мулк соҳасидаги 19 та халқаро шартномага қўшилди, миллий қонунчилик Жаҳон савдо ташкилотининг ТРИПС битими талабларига уйғунлаштирилди. Бунинг натижасида мамлакатимизнинг Глобал инновацион индексда Ўзбекистоннинг ўрни 2020 йилдаги 93-ўриндан 2025 йилда 79-ўринга кўтарилди.

Шунингдек, товар белгиси, саноат мулки ва муаллифлик ҳуқуқи объектларидан қонунга хилоф фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгалари манфаатларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари жорий этилди. Интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари такомиллаштирилди, патентга оид ҳуқуқбузарликларда фойдаланилган ашёларни мусодара қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Ўзбекистон Патент вакиллари ассоциацияси ташкил этилди ҳамда патент вакилларининг судларда иштирок этиш ҳуқуқи мустаҳкамланди.

Мажлисда Адлия органларига контрафакт маҳсулотларни аниқлаш бўйича назорат харидларини мустақил ташкил этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда яширин ишлаб чиқариш ҳолатларини фош этиш ваколатлари берилгани қайд этилди.

Шу билан бирга, депутатлар соҳада ҳал этилиши лозим бўлган қатор тизимли масалалар эътибор қаратишди. Жумладан, аҳолида интеллектуал мулкка ҳурмат муносабатини янада кучайтириш, контрафакт маҳсулотларга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, ҳуқуқ эгалари манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни бузган юридик шахсларга нисбатан молиявий жавобгарлик механизмларини жорий этиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича хусусий айблов ва ярашув институтларини амалиётга татбиқ этиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, товар белгиларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини соддалаштириш, интеллектуал мулк объектларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйишнинг ҳуқуқий механизмларини шакллантириш, интеллектуал мулк ҳуқуқини мунтазам бузувчи шахсларнинг давлат харидларида иштирокини чеклаш каби йўналишларда қонунчиликни такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Муҳокамалар давомида депутатлар соҳада қонунчиликни янада такомиллаштириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосида давлат хизматларини соддалаштириш, интеллектуал мулк соҳасида идоралараро ҳужжатлар алмашинувини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ҳуқуқ эгалари манфаатларини самарали ҳимоя қилиш юзасидан қатор таклиф ва тавсияларни билдирдилар.

Мажлисда Қонунчилик палатаси томонидан тегишли қарор қабул қилиниб, Адлия вазирлиги олдига рақамли хизматларни кенгайтириш, интеллектуал мулк объектларининг иқтисодий айланмасини ошириш бўйича ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар кўриш вазифалари қўйилди.