Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Ўзбекистонда июль ойида 34,3 минг эскроу битими расмийлаштирилди

UzDaily таҳририяти · 06.08.2026 · 19:50 · 25 views
Ўзбекистонда июль ойида 34,3 минг эскроу битими расмийлаштирилди
Ўзбекистонда июль ойида 34,3 минг эскроу битими расмийлаштирилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банкининг маълум қилишича, 2026 йил июль ойида мамлакатда эскроу ҳисобварақлари орқали кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олди-сотдиси бўйича 34 341 та битим расмийлаштирилган.

Жами битимларнинг 18 306 таси ёки 53,3 фоизи транспорт воситаларига, 16 035 таси ёки 46,7 фоизи эса кўчмас мулк объектларига тўғри келган. Яна 1 096 та битим кўриб чиқиш босқичида турибди.

Июль ойида энг юқори фаоллик Тошкент шаҳрида қайд этилган. Пойтахтда 9 674 та битим тузилган бўлиб, бу мамлакат бўйича умумий битимларнинг 28,1 фоизини ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида битимлар сони бўйича Фарғона вилояти ҳам етакчилар қаторидан ўрин олган. Вилоятда 3 401 та битим расмийлаштирилган. Кейинги ўринларда 2 810 та битим билан Самарқанд вилояти ва 2 567 та битим билан Андижон вилояти жойлашган.