Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Солиқ қўмитаси: янги қоидалар банк сирини бекор қилмайди

UzDaily таҳририяти · 24.06.2026 · 22:20 · 24 views
Солиқ қўмитаси: янги қоидалар банк сирини бекор қилмайди

Солиқ қўмитаси: янги қоидалар банк сирини бекор қилмайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Солиқ қўмитаси банклар ва солиқ органлари ўртасида маълумот алмашинувини тартибга солувчи қарор лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси муносабати билан расмий тушунтириш берди.

Идора таъкидлашича, мазкур ҳужжат банк сирининг конституциявий кафолатларини чекламайди, балки амалдаги қонунчилик доирасида уни қўллаш тартибини белгилайди.

Қўмита эслатишича, «Банк сири тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддаси банк мижозининг солиққа тортилиши билан боғлиқ масалалар бўйича тегишли маълумотларни солиқ органларига тақдим этишга бевосита рухсат беради. Солиқ кодексининг 134-моддаси эса банклар ва солиқ органлари ўртасида ахборот алмашинувини назарда тутади ҳамда унинг шакли ва тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланишини белгилайди.

Қарор лойиҳаси 2025 йил 10 декабрдаги ПФ–246-сонли Президент фармони ҳамда 2026 йил 19 майдаги ПФ–95-сонли Президент фармони билан тасдиқланган Йўл харитасининг 17-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжатларда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш вазифаси белгиланган бўлиб, жисмоний шахсларнинг банк карталари ёки электрон ҳамёнларига бир календарь ой давомида 500 базавий ҳисоблаш миқдори ва ундан юқори суммада келиб тушган маблағлар ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиш тартибини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Яқин қариндошлардан келган ўтказмалар ушбу тартиб доирасидан чиқарилган.

Солиқ қўмитаси алоҳида қайд этдики, гап фуқароларнинг ҳисобварақларига эркин кириш ҳуқуқи ҳақида кетмаяпти. Қариндошлар, дўстлар ва танишлар ўртасидаги оддий пул ўтказмалари, қарз қайтариш ёки кундалик маиший операциялар мазкур тартиб объекти ҳисобланмайди. Тартиб шахсий банк картасидан амалда тадбиркорлик фаолияти учун ҳисоб-китоб воситаси сифатида фойдаланилаётган ҳолатларга нисбатан қўлланади. Яъни карта орқали мунтазам равишда тўловлар қабул қилиниб, катта маблағ айланмаси шакллантирилса-да, фаолият расман рўйхатдан ўтказилмаган ва солиқлар тўланмаган ҳолатлар назарда тутилмоқда.

Идоранинг таъкидлашича, бир тадбиркор фаолиятини очиқ юритиб, белгиланган тартибда солиқ тўлаётган бир пайтда, бошқа шахс худди шу каби фаолиятни шахсий карта орқали амалга ошириб, солиқ тўлашдан бўйин товлаши орқали рақобатда устунликка эга бўлишига йўл қўйиб бўлмайди.

UzDaily таҳририяти · 👁 24 views · 24.06.2026 · 22:20