Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида қизалоқ тез тиббий ёрдам автомобилида дунёга келди. Ҳомиладор аёлни шифохонага олиб кетаётган навбатчи шифокор ва фельдшер туғруқни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса 1 ноябрь куни тахминан соат 03:30 да содир бўлган. Тиббиёт муассасасига кетаётган вақтда аёлнинг тўлғоқлари кучайган ва тиббиёт ходимлари туғруқни бевосита тез ёрдам машинасида қабул қилишга мажбур бўлган.
Навбатчи шифокор Хонсулув Масрурова ва фельдшер Салима Мавлонова беморнинг аҳволини тезкорлик билан баҳолаб, унга зарур тиббий ёрдам кўрсатган. Натижада соғлом қизалоқ дунёга келган.
Айни вақтда она ва боланинг аҳволи яхши. Улар шифокорлар назоратида бўлиб турибди.