Туризм

Centrum Air Тошкентдан Матталага тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйди

Centrum Air Тошкентдан Матталага тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйди
Centrum Air Тошкентдан Матталага тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Centrum Air авиакомпанияси Тошкент ва Шри-Ланканинг Маттала шаҳри ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйди.

Янги йўналиш бўйича парвозлар 2027 йил март ойи охирига қадар ҳафтасига икки марта — чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Биринчи рейс 28 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 17:30 да Маттала Ражапакса халқаро аэропортига етиб келди. Самолёт 160 нафар йўловчини олиб келган.

Янги йўналиш очилиши муносабати билан самолёт анъанавий сув аркаси орқали кутиб олинди. Шундан сўнг расмий маросим бўлиб ўтди.

Мазкур йўналиш Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонаси ва Centrum Air авиакомпаниясининг Шри-Ланканинг тегишли ташкилотлари билан олиб борган музокаралари натижасида очилди. Қабул қилувчи томон вакиллари Тошкент — Маттала — Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани учун миннатдорлик билдирди.

Янги йўналиш Ўзбекистон ва Шри-Ланка ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, савдо, инвестиция ва туризмни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган.

Тўғридан-тўғри рейслар Шри-Ланка ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги авиақатновларда Ўзбекистондан транзит йўналиши сифатида фойдаланиш имконини ҳам беради.

Парвозлар 2027 йил март ойи охирига қадар амалга оширилиши режалаштирилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.