Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни туғилган куни билан табриклади

UzDaily таҳририяти · 29.06.2026 · 16:02 · 26 views
Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни туғилган куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни туғилган куни билан табриклади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни таваллуд куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, қардош Туркманистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Ўз навбатида Халқ Маслаҳати Раиси Ўзбекистон етакчисига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломини етказди.

Томонлар стратегик шерикликнинг бугунги ҳолатини юксак баҳоладилар. Барча даражаларда яқин ва самарали алоқалар давом эттирилмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми барқарор суръатда ўсмоқда, саноат, энергетика, транспорт ва бошқа устувор тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. “Шовот-Тошовуз” савдо зонаси унумли фаолият юритмоқда.

Ҳудудлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.

Яқинда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларининг якунлари юксак баҳоланди.

Жорий йил октябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш доирасида минтақавий кун тартибини мувофиқлаштириш ва илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.