Сенат Раиси Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Элчиси билан учрашди
Сенат Раиси Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Элчиси билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тойво Клаар билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди.
Тойво Клаар Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда парламентлараро мулоқотни ривожлантириш бўйича ташаббуслар Европа Иттифоқи томонидан юксак баҳоланаётганини қайд этди.
Томонлар Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тўлиқ кучга кириши ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдириб, уни Европа Иттифоқига аъзо давлатлар парламентлари томонидан тезроқ ратификация қилиш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, "Inter Pares" лойиҳаси доирасида қўшма ташаббусларни давом эттириш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқотни изчил давом эттириш, парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги амалий лойиҳалар билан бойитиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.