Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Туризм

Тошкентда IV халқаро “Умра Плус ва зиёрат туризми” кўргазмаси бўлиб ўтди

UzDaily таҳририяти · 29.06.2026 · 11:16 · 23 views
Тошкентда IV халқаро “Умра Плус ва зиёрат туризми” кўргазмаси бўлиб ўтди

Тошкентда IV халқаро “Умра Плус ва зиёрат туризми” кўргазмаси бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 27 июнь куни Тошкент шаҳрида Туризм қўмитаси ҳамда Умра туризми ташкилотлари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган IV Халқаро “Умра Плус ва зиёрат туризми” кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари, Туркия, Россия, Озарбайжон, Малайзия, Индонезия ва Саудия Арабистонидан 200 нафардан ортиқ туроператорлар, меҳмонхона бизнеси ҳамда транспорт компаниялари вакиллари иштирок этмоқда.

Икки кун давомида иштирокчилар B2B учрашувлари, бизнес музокаралари ва Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотларда қатнашиб, зиёрат туризмини ривожлантириш истиқболлари ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқдалар.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С. Бобокалонов иштирок этди. У ўз нутқида зиёрат туризмини ривожлантириш мамлакатнинг туризм салоҳиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур кўргазма миллий туризм маҳсулотини халқаро бозорда тарғиб этиш, хорижий зиёратчилар оқимини кўпайтириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. 

Кўргазма аввал Туркия, Малайзия ва Индонезияда ўтказилган лойиҳа тақдимотларининг мантиқий давоми бўлиб, Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари бўйлаб саёҳатни ҳам ўз ичига олган «Умра+» дастурини халқаро миқёсда тарғиб қилиш учун янги имкониятларни яратмоқда.

Кўргазма доирасида умра сафарларини Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб саёҳатлар билан уйғунлаштирувчи янги «Умра+» йўналишларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишбилармонлик дастури доирасида Б2Б учрашувлари ва музокаралар ўтказилмоқда. Уларнинг якунида янги туризм маҳсулотларини яратиш ҳамда маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасидаги шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган 100 га яқин ҳамкорлик битимларини имзолаш режалаштирилган.

Хорижий иштирокчилар учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф ҳам ташкил этилди. Шунингдек, ушбу марказни хорижий сайёҳларга таклиф этиладиган асосий зиёрат маршрутлари таркибига киритиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон зиёрат туризмининг долзарб йўналишларидан бири сифатидаги мавқеини изчил мустаҳкамлаб бормоқда. 2026 йилнинг дастлабки беш ойида мамлакатга 5,3 миллион нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Асосий туризм бозорларида ҳам ижобий ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Жумладан, 2026 йил январь–май ойларида Озарбайжондан келган сайёҳлар сони қарийб 82 фоизга, Малайзиядан икки баравардан ортиқ, Индонезиядан 63 фоиздан кўпроқ, Туркиядан эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 19 фоизга ошди.