Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Туризм

Ўзбекистон Малайзияда бўлиб ўтган кўргазмада ўзининг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этди

UzDaily · 20.06.2026 · 22:00 · 22 views
Ўзбекистон Малайзияда бўлиб ўтган кўргазмада ўзининг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этди

Ўзбекистон Малайзияда бўлиб ўтган кўргазмада ўзининг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилаётганган “HUITM – Umrah Plus International Travel Market & Exhibition 2026” халқаро воркшоп ва кўргазмаси доирасида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ҳамда “Умра+ Ўзбекистон” йўналиши имкониятлари кенг тарғиб қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, Ўзбекистон Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчихонаси ҳамда Малайзиянинг қатор туризм ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир икки мамлакат туризм бозори вакиллари ўртасида янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим платформага айланди. 

Тадбирда Ўзбекистондан асосан зиёрат туризми йўналишида фаолият юритувчи 10 га яқин туризм компаниялари ва меҳмонхона вакиллари иштирок этиб, Малайзия ҳамда бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган 30 дан ортиқ халқаро туризм компаниялари билан B2B учрашувлар ўтказдилар. 

Музокаралар давомида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, ислом цивилизацияси билан боғлиқ муқаддас қадамжолари, замонавий туризм инфратузилмаси тақдим этилди. Хусусан, Малайзия фуқаролари учун Саудия Арабистонига умра сафарини Ўзбекистондаги зиёрат ва маданий саёҳатлар билан уйғунлаштирган туристик маҳсулотларнинг афзалликлари кенг ёритилди.

Учрашувлар якунлари бўйича Малайзиядан Ўзбекистонга дастлабки босқичда 2,000 нафардан ортиқ сайёҳни жалб этиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, томонлар ўртасида қўшма турпакетлар ишлаб чиқиш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш ва зиёрат туризми йўналишидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Жануби-Шарқий Осиё минтақасидаги туризм бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро туризм йўналиши сифатидаги жозибадорлигини ошириш ҳамда зиёрат туризми экспортини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

UzDaily · 👁 22 views · 20.06.2026 · 22:00