Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

New Port турар-жой мажмуаси қурилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди

UzDaily таҳририяти · 04.08.2026 · 18:40 · 32 views
New Port турар-жой мажмуаси қурилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди
New Port турар-жой мажмуаси қурилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди / Фото: Тошкент прокуратураси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳри Яккасарой туманида қурилаётган New Port турар-жой мажмуаси қурилишида аниқланган қонунбузилишлар юзасидан прокуратура жиноят иши қўзғатди. Дастлабки тергов Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Текширувга 2 август куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеомурожаат асос бўлди. Унда «Дамариқ» маҳалласи Абдулла Қаҳҳор кўчасидаги 19-уй аҳолисига товон пуллари тўлиқ тўланмагани, шунингдек, бино ноқонуний равишда бузилаётгани иддао қилинган.

Прокуратура маълумотига кўра, терговга қадар текширув давомида «Mega Logistics Servise» МЧЖ мансабдор шахслари уй аҳолисини мажбурий кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари ҳали якунланмаган бўлишига қарамай, турар-жойни ўзбошимчалик билан бузиб ташлагани аниқланган.

Бундан ташқари, текширув мазкур ҳудудда зарур рухсатнома ҳужжатларисиз бешта объект қурилганини кўрсатди. Улардан бири 20 қаватли, иккитаси 19 қаватли, биттаси 12 қаватли ва яна биттаси икки қаватли турар-жой биносидир.

Текширув якунлари бўйича «Mega Logistics Servise» МЧЖ мансабдор шахслари ҳамда бошқа шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Прокуратурада маълум қилишларича, тергов алоҳида назоратга олинган бўлиб, унинг якунлари бўйича қонуний процессуал қарор қабул қилинади.