Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2026да иштирокини якунлади

UzDaily таҳририяти · 28.06.2026 · 10:45 · 29 views
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2026да иштирокини якунлади

Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2026да иштирокини якунлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон миллий футбол терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатидаги иштирокини якунлади. Гуруҳ босқичининг сўнгги учрашувида ўзбекистонлик футболчилар Конго Демократик Республикаси терма жамоасига 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу натижа К гуруҳининг ҳал қилувчи тури доирасида қайд этилди.

Учрашувда ҳисоб 10-дақиқада Ўзбекистон терма жамоаси томонидан очилди. Жамоа сардори Элдор Шомуродов Мозговойнинг узатмасини қабул қилиб, Африка жамоаси дарвозабони устидан аниқ зарба билан тўпни дарвозага йўллади.

Рақиб жамоа иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Конго Демократик Республикаси ҳужумчиси Висса 68-дақиқада пенальтини аниқ амалга оширди. Орадан ўн дақиқа ўтиб, Фистон Майелле конголикларни олдинга олиб чиқди. Қўшимча вақтнинг 90+1-дақиқасида эса Висса учрашувдаги иккинчи голини киритиб, дубль қайд этди.

Ушбу гуруҳнинг параллел учрашувида Колумбия ва Португалия миллий терма жамоалари асосий вақтда ҳисобни оча олмай, дуранг натижа қайд этди. Гуруҳ босқичидаги барча баҳслар якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси К гуруҳида тўртинчи, яъни сўнгги ўринни эгаллади.

Ўзбекистон футболчилари давра баҳсларини очкосиз якунлади. Жамоанинг киритган ва ўтказиб юборган тўплари нисбати эса 2:11 ни ташкил қилди.

Колумбия, Португалия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига йўл олди.