Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Туризм

Ўзбекистон ва Rotana меҳмонхона секторини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

UzDaily · 17.06.2026 · 16:55 · 23 views
Ўзбекистон ва Rotana меҳмонхона секторини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Rotana меҳмонхона секторини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов ҳамда Rotana Hotel Management Corporation стратегия бўйича директори Амна Ал-Новайс ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон меҳмонхона индустриясига халқаро тажриба ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда мамлакатнинг туристик жозибадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Учрашув якунларига кўра, жорий йилнинг июль ойида Rotana компаниясини Ўзбекистондаги бир қатор меҳмонхоналарни бошқариш жараёнларига жалб этиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ ташкил этишга келишиб олинди. Шунингдек, меҳмонхона ва меҳмондўстлик соҳасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилди. 

Ташриф доирасида Амна Ал-Новайс Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида бўлиб, мамлакатнинг туризм ва инвестиция салоҳияти билан яқиндан танишди. Rotana вакили Самарқандда Имом Ал Бухорий мажмуаси ҳудудида жойлашган янги Imam Bukhari Grand имеҳмонхонаси, Silk Way меҳмонхонаси ва SAG меҳмонхонаси ҳамда бошқа истиқболли туристик лойиҳалар ўрганилди. Мутасаддилар томонидан инфратузилма, хизмат кўрсатиш сифати ва келгусидаги ривожланиш имкониятлари баҳоланди. 

Тошкентда “Янги Ўзбекистон” истироҳат боғи ва Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган лойиҳаларга алоҳида қизиқиш билдирилди. Пойтахтда бўлганида Амна Ал-Навайс келгусида ҳамкорлик қилиш учун потенциал майдон сифатида кўрилаётган меҳмонхона объектларини ҳам кўздан кечирди. 

Rotana мутахассислари томонидан меҳмонхона инфратузилмасини такомиллаштириш, операцион бошқарув самарадорлигини ошириш ва хизмат кўрсатиш стандартларини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш бўйича тавсиялар берилди. 

Бугунги кунда Rotana Яқин Шарқнинг энг нуфузли меҳмонхона бошқарув компанияларидан бири ҳисобланади. Компания Яқин Шарқ, Африка, Шарқий Европа ва Туркия минтақаларидаги 17 мамлакатда 140 дан ортиқ меҳмонхона объектларини бошқариб келмоқда.

Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон меҳмонхона соҳасига халқаро тажриба ва инвестицияларни жалб қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини янада юксалтириш ҳамда мамлакатнинг жаҳон туризм бозоридаги рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилади.

UzDaily · 👁 23 views · 17.06.2026 · 16:55