Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Наманган вилоятида Хитойнинг фазовий режалаштириш стандартлари жорий этилади

UzDaily таҳририяти · 29.06.2026 · 11:20 · 29 views
Наманган вилоятида Хитойнинг фазовий режалаштириш стандартлари жорий этилади

Наманган вилоятида Хитойнинг фазовий режалаштириш стандартлари жорий этилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Хитой Халқ Республикасининг шаҳарсозлик ва лойиҳалаш йўналишидаги нуфузли ташкилотларидан бири — China Urban Construction Design Research Institute (CUCD) компанияси раҳбарияти ва мутахассисларидан иборат делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Хитой томонидан компаниянинг Халқаро консалтинг маркази директори Yuwei Xue, лойиҳа менежери Weiqun Dong ҳамда шаҳарсозлик бўйича мутахассис Xuan Wang иштирок этди.

Мулоқот чоғида ҳудудларни ривожлантиришнинг замонавий ёндашувлари, жумладан, бугунги кунда жаҳонда кенг қўлланилаётган мастер-режаларни ҳудуднинг фазовий режалаштириш механизмларига уйғун ҳолда ишлаб чиқиш амалиётини Наманган вилоятида тадбиқ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, вилоятнинг Косонсой, Норин ва Чортоқ туманларини комплекс ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг фазовий режаларини тайёрлаш, шунингдек, ҳар бир туманнинг иқтисодий салоҳияти ва драйвер йўналишларидан келиб чиқиб алоҳида ҳудудлар учун мастер-режалар ишлаб чиқиш ишлари келишиб олинди. Ўз навбатида компания таҳлилчилари ва мутахассислари ушбу туманларда лойиҳаолди ҳужжатларини шакллантириш ишларини бошлашди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳамкорлик Наманган вилоятида урбанизация ва шаҳарсозлик жараёнларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, ҳудудларни узоқ муддатли стратегик режалаштириш ва янги иқтисодий ўсиш нуқталарини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бу эса келгусида ҳудудларнинг мавжуд имкониятларидан оқилона фойдаланиш, аҳоли учун қулай ва замонавий яшаш муҳитини яратишга хизмат қилади.