Ўзбекистон ва Германия дуал таълимни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Германия дуал таълимни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 8–13 июнь кунлари Германия Федератив Республикасида Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари делегациясининг хизмат сафари доирасида таълим, илм-фан ва саноат интеграцияси, дуал таълим тизими ҳамда халқаро академик ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказилди.
Делегация Hochschule Anhalt, Myunxen техника университети, Кемптен Амалий Фанлар Университети, HDBW университети, Потсдам амалий фанлар университети каби нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда MAN Truck & Bus SE, TESVOLT каби йирик саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди.
Учрашувлар давомида Германиянинг амалиётга йўналтирилган ва дуал таълим модели, таълим жараёнига саноат корхоналарини жалб этиш механизмлари, талабаларни корхоналар эҳтиёжлари асосида тайёрлаш, академик мобиллик, илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш, стартап ва спин-офф лойиҳаларни ривожлантириш ҳамда инновацион экотизимни шакллантириш бўйича илғор тажрибалар ўрганилди.
Шунингдек, немис тили тайёргарлиги, халқаро сертификатлаш, талабалар амалиёти ва битирувчиларни Германия ҳамда Европа меҳнат бозорига интеграция қилиш масалалари юзасидан ҳам самарали музокаралар олиб борилди.
Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистоннинг Германиядаги Элчихонасида “Германия олий таълим тизимида дуал таълим: тажриба, илғор амалиётлар ва келажакдаги ҳамкорлик” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир доирасида Германиянинг таълим ва саноат ташкилотлари билан қатор ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди.
Эришилган келишувлар дуал таълим дастурларини ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш, қўшма илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда халқаро меҳнат бозори талабларига мос, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.