Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Президент Администрацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

UzDaily таҳририяти · 05.08.2026 · 10:40 · 33 views
Президент Администрацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
Президент Администрацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди  / Фото: Олий Мажлис Сенати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ҳамда ваколатларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидлаш лозимки, Янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқ мамлакатимизда миллий ва умуминсоний қадриятлар, давлатчилигимиз ривожининг тарихий тажрибасига таянган ҳолда давлат ҳокимияти ва бошқарувининг самарали тизими яратилган. Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Конституциямизда давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти асослари алоҳида бобларда батафсил баён этилган.

Конституциямизнинг ХИХ боби Ўзбекистон Республикасининг Президентига бағишланган бўлиб, унда Президент давлат бошлиғи мақомида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши, шунингдек унинг мамлакат бошқаруви ва тараққиётини таъминлашдаги ўта муҳим ваколатлари мустаҳкамланган. Конституцияда белгиланган Президент ваколатлари ниҳоятда кенг қамровли бўлиб, уларнинг самарали амалга оширилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий таъминлаш Президент Администрацияси зиммасига юклатилган.

Хусусан, Асосий Қонунимизнинг 109-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий, таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини шакллантиради ҳамда унинг Раҳбарини тайинлайди. Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколатлари қонун билан белгиланиши назарда тутилган.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.

Лойиҳада Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилиши, шунингдек Администрацияга Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Администрация Раҳбари бошчилик қилиши белгиланмоқда.

Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари очиб берилган.

Мазкур конституциявий қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда бошқарув жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Муҳокамалар якунига кўра, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.