Саидов АҚШ вакили билан икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 4 август куни Нью-Деҳли шаҳрида АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Серджио Гор билан учрашув ўтказди.
Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик ривожланиб бораётганини қайд этиб, икки томонлама ҳамкорликнинг кейинги йўналишларини муҳокама қилди.
Учрашув чоғида олий ва юқори даражадаги мулоқотни фаоллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Бундан ташқари, Бахтиёр Саидов ва Серджио Гор C5+1 формати доирасидаги ҳамкорлик, бўлажак қўшма тадбирларга тайёргарлик, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар очиқ ва ишончли мулоқотни давом эттириш ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди.