Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Президентимиз Сергелидаги замонавий тиббиёт марказини кўздан кечирди

UzDaily таҳририяти · 04.07.2026 · 18:00 · 28 views
Президентимиз Сергелидаги замонавий тиббиёт марказини кўздан кечирди

Президентимиз Сергелидаги замонавий тиббиёт марказини кўздан кечирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Сергели туманида жойлашган “Global International Hospital” хусусий кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифати ва қамровини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан. Шу мақсадда соҳага инвестициялар жалб этилиб, тиббиётда хусусий сектор фаолияти ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Мазкур замонавий тиббиёт маркази бугунги кунда аҳолига талаб юқори бўлган кўплаб йўналишлар бўйича тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Марказни барпо этиш учун 30 миллион доллар инвестиция йўналтирилган. Бу ерда йилига 150 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Умумий майдони 0,5 гектар бўлган муассасада йиллик хизматлар ҳажмини 15 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарига марказ фаолияти тўғрисида тақдимот қилинди. Президентимиз жарроҳлик, реанимация ва даволаш бўлимлари, ситуацион марказда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилган. Жамоада хорижда малака оширган 10 нафардан зиёд юқори малакали мутахассис ва чет эллик шифокорлар ҳам бор.

Марказ Буюк Британия, Италия ва Германиядан келтирилган замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Хусусан, муассасага PHILIPS компаниясининг илғор тиббий технологиялари ўрнатилган.

Давлатимиз раҳбари марказни айрим йўналишлар бўйича таянч тиббиёт муассасасига айлантириш муҳимлигини таъкидлади. Бу ерда тўпланадиган илғор тажриба асосида шифокорлар малакасини ошириш ва замонавий тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Президентимиз марказ ходимлари билан мулоқот қилди. Соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, хусусий тиббиёт ташкилотлари сонини кўпайтириш ҳамда аҳолига сифатли, замонавий ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Ҳар бир беморга сифатли ва муносиб хизмат кўрсатиш билан бирга, тиббий ва туризм хизматларини уйғунлаштириш зарур. Бу йўналишни кенг тарғиб қилиш, хориж тажрибасини ўрганиб, шифохоналар ҳузурида меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш керак, – деди давлатимиз раҳбари.