Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Тошкентда содир бўлган ҳалокатга ўсмирлар сабаб бўлди

UzDaily таҳририяти · 04.07.2026 · 19:37 · 21 views
Тошкентда содир бўлган ҳалокатга ўсмирлар сабаб бўлди

Тошкентда содир бўлган ҳалокатга ўсмирлар сабаб бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида Амира Темур ва Боғишамол кўчалари кесишмасида содир бўлган ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан янги маълумотлар эълон қилинди. Идора маълумотига кўра, Zeekr ва KIA автомобилларини вояга етмаган шахслар бошқарган.

Фожиадан сўнг пойтахт ЙҲХББ раҳбари авария ҳолатлари ва сабабларига бағишланган махсус йиғилиш ўтказди. Шунингдек, бошқарма ходимлари ҳодиса иштирокчиси бўлган вояга етмаганлар яшайдиган маҳаллада профилактик тадбирларни бошлади.

Идора ота-оналарга транспорт воситаларини вояга етмаганларга бошқариш учун бериш мумкин эмаслигини яна бир бор эслатди. ЙҲХББда таъкидланишича, авариянинг сабаблари ва барча ҳолатлари бўйича тўлиқ расмий маълумот кейинроқ эълон қилинади.

Йўл-транспорт ҳодисаси 30 июнь куни соат 05:10 атрофида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, вояга етмаган ҳайдовчилар йўлда ўзаро пойга уюштирган, оқибатда автомобиллардан бири юқори тезликда ҳаракатланаётган Chevrolet Lacetti билан тўқнашган.

Авария натижасида бир аёл ҳалок бўлган. Тўрт ёшли бола ва унинг бувиси оғир тан жароҳатлари олиб, реанимация бўлимига ётқизилган.