Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиноят содир этганликда айбланаётган ва халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Грузиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Интерпол Миллий марказий бюроси хабар берди.
Қидирувдаги шахс Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ташаббуси билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган жиноят иши доирасида халқаро қидирувга берилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида эркак Грузия ҳудудида экани аниқланган. Шундан сўнг Ўзбекистон ва Грузия Интерпол Миллий марказий бюролари ўртасида уни қидириш, ушлаш ва кейинчалик экстрадиция қилиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Грузиянинг ваколатли органлари қидирувда бўлган шахсни ушлаган. Ўзбекистон Бош прокуратурасининг уни экстрадиция қилиш ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилган. Қонунчиликда белгиланган тартиб-таомиллар якунланганидан сўнг Грузия томони фуқарони Ўзбекистонга топшириш тўғрисида қарор қабул қилган.
Икки давлат Интерпол ММБ ходимлари иштирокида қидирувда бўлган шахс Грузиядан экстрадиция қилиниб, қонунчиликка мувофиқ кейинги процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун Ўзбекистонга олиб келинган.
Ўзбекистон Интерпол ММБда қайд этилишича, экстрадиция халқаро қидирув доирасида хорижий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан мувофиқлаштирилган ҳамкорлик натижаси бўлган.
Ўзбекистондаги Интерпол Миллий марказий бюроси халқаро қидирувда бўлган шахсларнинг турган жойини аниқлаш, уларни ушлаш ва экстрадиция қилиш масалалари бўйича бошқа давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.