Қатарда «Ўзбекистон: ҳаракатдаги мерос» кўргазмаси очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қатар Ислом санъати музейида Ўзбекистон тарихи ва маданий меросини намойиш этувчи «Ўзбекистон: ҳаракатдаги мерос» кўргазмаси очилди.
Кўргазмани Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний очиб берди.
Кўргазмада Ўзбекистон музейлари ва Қатар коллекцияларидан жамланган ноёб экспонатлар ўрин олган. Экспозиция исломгача бўлган даврдан то замонавийликкача бўлган тарихий даврни қамраб олиб, Сомонийлар ва Темурийлар даврига оид материалларни ҳам ўз ичига олган.
Экспозициянинг алоҳида бўлимлари анъанавий ҳунармандчилик ва тўқимачилик санъатига бағишланган. Намойишга қўйилган экспонатлар Қатар аҳолиси ва меҳмонларига Ўзбекистон тарихи ҳамда маданий мероси билан танишиш имконини беради.
Саида Мирзиёева кўргазма мамлакат меросини Қатар аудиториясига намойиш этиш учун муҳим имконият бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур тадбир Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш йўлидаги яна бир қадамдир.
Шу куни Қатарда «Ektashif Uzbekistan» кўргазмаси ҳам очилди. У Қатарлик етти нафар ҳунарманднинг Тошкент, Самарқанд ва Бухорога қилган саёҳати натижасида ташкил этилди.
Саёҳат давомида иштирокчилар Ўзбекистон маданияти ва анъаналари билан танишди. Кейинчалик ушбу таассуротлар уларнинг ижодий ишларида ўз аксини топди. Кўргазмада улар томонидан яратилган заргарлик буюмлари, қадимий хаттотлик услубида битилган матнлар ва гиламлар намойиш этилмоқда.
Шунингдек, Қатар ҳунармандлари Ўзбекистон бўйлаб саёҳат давомида олган фотосуратларини ҳам тақдим этди.
Ҳар икки кўргазма Қатар аҳолисини Ўзбекистоннинг маданий мероси билан янада кенгроқ таништириш ва икки мамлакат ўртасидаги гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган.