«Ўзбекнефтгаз» ва AKA Bank қуёш энергиясини молиялаштиришни муҳокама қилишди
«Ўзбекнефтгаз» ва AKA Bank қуёш энергиясини молиялаштиришни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари ва AKA Bank раҳбарияти ўртасида қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, қуёш энергетикаси лойиҳаларини молиялаштириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида қуёш электр станциялари лойиҳаларини амалга ошириш учун тўғридан-тўғри молиялаштириш имкониятлари, халқаро молиявий инструментларни жалб этиш механизмлари ҳамда замонавий қуёш панеллари ва ускуналарини етказиб берувчи ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида AKA Bank томонидан лойиҳаларни молиялаштириш бўйича дастлабки таклифларни тақдим этиш, шунингдек, амалдаги молиялаштириш дастурлари доирасида ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган ишлаб чиқарувчилар рўйхатини юбориш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни биргаликда ривожлантириш ва ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.