Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистонда илк пуллик йўл август ойида очилади — Мирзиёев

UzDaily таҳририяти · 24.07.2026 · 11:55 · 24 views
Ўзбекистонда илк пуллик йўл август ойида очилади — Мирзиёев

Ўзбекистонда илк пуллик йўл август ойида очилади — Мирзиёев

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги илк пуллик автомобиль йўли — Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи автомагистрални август ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилганини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари 22 июль куни Тошкент — Самарқанд автомагистрали қурилишини бошлаш маросимида сўзлади.

Президентнинг таъкидлашича, Урганч ва Хивани боғловчи биринчи пуллик автомобиль йўлининг қурилиши якуний босқичга яқинлашган. Ушбу автомагистрал минтақа туристик инфратузилмасининг муҳим қисмига айланиб, маҳаллий аҳоли, ички ва хорижий сайёҳларга хизмат қилади.

Автомобиль йўллари қўмитаси маълумотларига кўра, 15 июль ҳолатига 35 километрлик автомагистралнинг қурилиш ишлари 80 фоизга бажарилган.

Йўлнинг бутун узунлиги бўйлаб ер ишлари ва асос тайёрлаш ишлари тўлиқ якунланган. 25 километр масофада асфальт-бетон қопламасининг биринчи қатлами ётқизилган. Лойиҳа доирасида 15 та кўприк, битта туннель, бешта ерости ўтиш йўлаги ва 101 та сув ўтказувчи иншоот барпо этилган.

Қиймати 120 миллион АҚШ долларига баҳоланган тўрт қаторли автомагистрал қурилиши февраль ойида бошланган. Янги йўл мавжуд D215 Хива шоссесига муқобил бўлади. Лойиҳа амалга оширилгач, Урганч ва Хива ўртасидаги сафар вақти 60 дақиқадан 17 дақиқагача қисқариши, йўлнинг ўтказувчанлиги эса суткасига 20 мингдан ортиқ автомобилни ташкил этиши кутилмоқда.

Президент, шунингдек, Тошкент — Андижон пуллик автомагистралини қуриш бўйича халқаро тендер якуний босқичга кирганини маълум қилди.

Лойиҳа пойтахтни Фарғона водийси билан боғлайдиган 314 километрлик автомагистрални қуришни назарда тутади. Биринчи босқичда Тошкент — Ангрен — Қамчиқ довони йўналишидаги 171 километрлик участкани, жумладан 33 километр янги туннелларни барпо этиш режалаштирилган.

Лойиҳанинг биринчи босқичи қиймати аввалроқ 3,66 миллиард АҚШ долларига баҳоланган эди. Автомагистрал фойдаланишга топширилгач, Тошкентдан Андижонгача бўлган сафар вақти 5–5,5 соатдан 2–2,5 соатгача қисқариши кутилмоқда.

Лойиҳа Жаҳон банки кўмагида амалга оширилмоқда. Лойиҳалаш ва тендер жараёнларини ташкил этиш ишларини халқаро Arup компанияси олиб бормоқда.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Тошкент — Чорвоқ пуллик автомобиль йўлининг лойиҳалаш ишлари якунланганини ҳам маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда хусусий шерикни аниқлаш жараёни давом этмоқда. Шундан кейин лойиҳани амалга ошириш бўйича амалий ишлар бошланади.

Узунлиги 52 километр бўлган янги олти қаторли автомагистрал Янги Тошкентни Чорвоқ сув омбори билан боғлайди.

Йўл соатига 150 километр тезликка мўлжалланган бўлиб, сафар вақтини 80 дақиқадан 35 дақиқагача қисқартириш имконини беради. Лойиҳа мамлакатнинг энг машҳур туристик йўналишларидан бирига олиб борувчи мавжуд автомобиль йўлидаги транспорт юкламасини камайтиришга ҳам қаратилган.

Шавкат Мирзиёев таъкидлашича, ушбу лойиҳалар билан бир қаторда Қашқадарё, Наманган, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидаги йирик йўл инфратузилмаси лойиҳаларини амалга ошириш ишларини ҳам жадаллаштириш режалаштирилмоқда.